ХИРБАТ ал-МАФЖАР

ХИРБАТ ал-МАФЖАР — Иордания даги меъморий ёдгорлик (8-а.); умавийлар саройи. Иордан дарёсининг ғарбида, қад. Иерихоннинт шим. да жойлашган. Сарой (атрофи буржли мустаҳкам девор билан ўралган), девордан ташқаридаги масжид, ҳаммом, ички ва ташки ҳовлилар билан ягона мажмуа ҳосил қилган. X. алМ. бинолари тошоҳактошлардан бунёд этилган, гумбазлар билан ёпилган, ҳовлилар юзасига тош плиталар ётқизилган. Сарой умавийлар саройига хос анъанавий мужассамотга эга: мурабба тархли ҳовли галерея ва шарқий ҳамда ғарбий томони бўйлаб ғишт гумбазли 2 қаватли бинолар билан ўралган. Сарой биноси тўртбурчак тарҳли (67×63 м), тарзлари равоқлар қатори билан қуёшдан тўсилган. Сарой миёнсаройи минора кўринишида, тарзлари ўйма турунжлар билан безатилган ва юқориси давданалар билан якунланган; миёнсарой 2 (ташқи мурабба ва ички тўртбурчак тарҳли) хонадан иборат бўлиб, хоналар ўзаро кенг эшик билан боғланган, ташқи хона деворларига бурчак устунларига ўрнатилган равоқлар ишланган, ички хона гумбазли; миёнсарой девори бўйлаб ўрнатилган ўриндиқлар қабулхона вазифасини ўтаганидан дарак беради. Тарзлари пилтавор бўртиқлар шаклидаги ҳаммом биноси мурабба тарҳли катта хона (30×30 м) ҳамда унинг шим. ғарбидаги кичик хона (4,5×4,5 м) дан иборат (кичик хона сарой эгасининг хос хонаси бўлган деб тахмин қилинади). Масжид тўртбурчак тарҳли (23,6×17,1 м), 2 қатор мармар устунли, ёнида пойдеворга ўрнатилган минора жойлашган. Ташқи катта ҳовли ўртасида ҳовуз бўлиб, устига 4 устунга ўрнатилган гумбаз томли кўшк ишланган. X. ал. М. бинолари тош ва ганч ўймакорлигида ҳандасий, ислимий нақшлар билан серҳашам безатилган, нақшин безаклар орасида бўртма тасвирлар, ҳайкалтарошлик (аёллар бошлари, атлант ва б.) безаклари ҳам учрайди. Миёнсарой, ҳаммом ва б. хоналарнинг поллари ажойиб (ҳандасий, тўғри ва эгри чизиқлар, айлана, тўртбурчаклар уйғунлигидаги) мозаика билан қопланган.