ХИНА ДАРАХТЧАСИ

ХИНА ДАРАХТЧАСИ (Lawsonia inermis) — дербендошлар оиласига мансуб иссиқсевар бута. Ёввойи ҳолда Африканинг шарқида, Мадагаскар о. да, Осиёнинг тропик оролларида ўсади. Шим. Африка, Ҳиндистон, Эрон, Озарбайжон, Кичик Осиё ва Арабистонда манзарали ва бўёқ берувчи бир йиллик ўсимлик сифатида қадимдан экилади. Пояси қиррали, қаттиқ ва сершох. Бўйи 15 см дан 2—3 м гача. Барглари бандсиз, чўзиқ тухумсимон. Гуллари йирик, оқимтир ёки кўкимтир қизил, икки жинсли, хушбўй, шохларининг учида улкан рўваксимон тўпгул ҳосил қилади. Авг. —сен. да гуллайди. Меваси тўрт уяли, майда уруғли шарсимон кўсакча. Баргларидан жун, сочсоқол, тирноқ ва б. ни бўяшда ишлатиладиган бўёқ олинади. Хина дарахтчаси уруғидан ва қаламчасидан кўпайтирилади.