ХЕТТ ПОДШОЛИГИ

ХЕТТ ПОДШОЛИГИ — Кичик Осиёдаги қад. давлат (мил. ав. 18—12-а. бошлари). Таркибига хеттлар, хаттлар ва б. этник гурухлар кирган. Хеттлар подшоси Аниттас даври (тахм. 18-а.)да Анатолиянинг баъзи вилоятлари бирлаша бошлаган. У Неса, Хаттусас ш. ларини босиб олган. Куссар ш. ни пойтахт қилган. Қад. хетт сулоласининг асосчиси — Лабарна (17-а. бошлари) Хетт подшолиги ҳудудини кенгайтирган. Лабарнанинг вориси Хаттусилис I даври (17-а. ўрталари)да Кичик Осиёнинг шим. даги Цальпа ш. ва Кичик Осиёнинг бир қанча жан. шарқий вилоятлари батамом босиб олинган. У пойтахтни Хаттусасга кўчирган. Хаттусилис I нинг ўғли Мурсилис I (17-а. охири) даврида Хетт подшолигининг ҳарбий қудрати ниҳоятда ошган. 14—12-а. ларда Хетт подшолари Шим. Сурия ва Шим. Месопотамияда яшайдиган хуррий қабилалардан бўлган. Подшо Суппилулиумас I (14-а. бошлари) узоқ давом этган урушлардан кейин Митанни (Шим. Месопотамиядаги қад. давлат)ни босиб олган. Угарит (Шим. Финикиядаги қад. шаҳардавлат) ни ўз вассалига айлантирган. Мурсилис II ҳукмронлиги (14-а. охири)дан бошлаб Хетт подшолиги билан Миср ўртасида Сурия учун кураш кетган. 13-а. охири — 12-а. бошларида Хетт подшолиги ўзаро урушлар, қарам вилоятлар ва иттифоқдош подшоликларнинг ажралиб кетиши туфайли инқирозга учраган. Қад. Хетт Подшолигининг охирги йирик подшоси Телепину (16-а. охири) бўлган. Кичик Осиёнинг шарқига жан. ва ғарбдан халқдарнинг кўчиб келиши билан подшолик бархам топган.