ХАТОЛАР НАЗАРИЯСИ

ХАТОЛАР НАЗАРИЯСИ — математик статистика бўлими. Тақрибий хисобларда топиладиган тақрибий қийматлар учун қоидалар ишлаб чиқади. Шунингдек, йўл қўйиладиган хатоликларни ўрганади. Бирор қийматни топиш учун бир неча марта ўлчаш ишлари олиб борилганда натижалар турлича чиқади, яъни қандайдир хатоликка йўл қўйилади. Хатоликлар 3 хил бўлади: доимий, қўпол, тасодифий. Доимий хатоликларнинг учраши ўлчов асбоблари билан боғлиқ. Қўпол хатолик кўрсаткичлар натижасини нотўғри ўқиш туфайли рўй беради ва бундай хатолик дарҳол кўринади. Тасодифий хатоликлар ўлчаш пайтидаги турли тасодифий сабаблар туфайли пайдо бўлади. Хатолар назарияси, асосан, қўпол ва тасодифий хатоликларни ўрганади.