ХАНКА

ХАНКА — РФ Приморье ўлкаси ва Хитойдаги кўл. Ҳавзасининг майд. 4190 км2 (шундан РФда 3030 км2). Уз. 95 км. Ўртача чуқ. 1—3 м, энг чуқур жойи 10,6 м. Ханка бўйи пасттекислигида жойлашган. Аллювиал ётқизиқлар Кичик Ханка кўлини Ханкадан ажратиб туради. Қирғоғининг кўп қисми ботқоқ. Суви чучук, лойқа. Нояб. да музлаб, апр. да муздан бўшайди. Ханкага Лефу, Мо ва б. дарёлар қуйилади, кўлдан Уссурининг чап ирмоғи Сунгача дарёси оқиб чиқади. Баликлар (сазан, калуга ва б.), сув тошбақаси, қундуз бор. Ондатра иклимлаштирилган. Кема қатнайди.