«ХАМСАТ УЛ-МУТАҲАЙЙИРИН» — Алишер Навоий томонидан унинг пири ва устози Абдураҳмон Жомий вафоти муносабати билан 1494 й. да ёзилган, адабиётнинг хотира турига оид асар номи.
«Хамсат ул-мутаҳаййирин улМ.» ибораси «ҳайратланарли бешлик» маъносида. Жомий 14-а. нинг 40-й. лари охири ва 50-й. ларида Самарқандда Улуғбек мадрасасида, сўнг бошқа мадрасаларда ўқиб юрар экан, дарсларни яхши ўзлаштиришда у бошлиқ 5 талаба «Хамсат ул-мутаҳаййирин улМ.» деб ном чиқарган. «Хамсат ул-мутаҳаййирин улМ.» деганда одатда 5 ёруг юлдуз (аниқроғи, сайёралардан Аторуд, Зуҳра, Миррих, Муштарий, Зуҳал) кўзда тутилади. Бунда Навоий ўша иборадан фойдаланган.
«Хамсат ул-мутаҳаййирин улМ.» рисоласи ҳам 5 қисмдан ташкил топган бўлиб, муқаддима, 3 мақолат ҳамда хотимадан иборат. «Муқаддима»да Жомийнинг қачон ва каерда туғилгани, кўпроқ қаерда яшагани, наслнасаби, жуда эрта савод чиқаргани, ўткир истеъдод эгаси бўлиб, кичикликдан шеърлар ёза бошлагани, тасаввуфда Саъдиддин Кошғарийга шогирд тушгани, илмда тез камол топиб, одамлар билан муомалада ўзини ҳар томондан оддий тутгани тўғрисида маълумотлар берилади.
«Хамсат ул-мутаҳаййирин улМ.»нинг асосий қисми 3 мақолатдан ташкил топган бўлиб, биринчи макрлатда Навоий шахсан ўзи билан Жомий орасида юз берган воқеа ва ҳодисалар, ноёб ижодий суҳбат ва учрашувлар ҳақида 16 ҳикоя келтирган. Уларнинг ҳар бирида Жомийнинг юксак ақлзаковати, ўз яқинлари ва шогирдларига самимийлиги, шу билан бирга, талабчан бўлгани, ҳозиржавоблиги, ҳазилмутойибага мойиллиги, кўп масалаларда Навоий билан ҳамфикр бўлгани яққол кўзга ташланади.
Иккинчи мақолатда Навоий ва Жомийнинг ўзаро ёзишмаларига изохдар берилган. Бу икки улуғ шахс бевосита мулоқот имконияти йўқ вақтларда бирбирларига узлуксиз хат ёзиб, ҳолаҳвол сўрашиб туришган. Улар ўз мактубларида баъзан ўз даврининг муҳим ижтимоийсиёсий муаммолари юзасидан ҳам фикр алмашишган. Бу номалар гоҳ насрда, гоҳ назмда битилган. Мас, Жомийнинг 1472 й. ҳаж сафарига чиқиб, Ироқнинг Дажла дарёси бўйидан Навоийга Ватанини соғиниб йўллаган хатидаги ғазалида шундай бир байт бор: Бар канори Дажла дур аз ёру маҳжур аз диёр, Дорам аз ашки шафақгун Дажлаи хун бар канор. Мазмуни: Дажла бўйида ёру диёр билан айриликда, Шафақранг кўзёшларимдан шу ерда яна бир Дажла пайдо бўлди.
Навоий эса ўша «ғазалға татаббуъ қилиб», нома ёзиб, Жомийга жўнатган. «Хамсат ул-мутаҳаййирин улМ.»дан маълум бўладики, Навоийнинг «Туҳфат улафкор» қасидасининг яратилишида Жомийнинг хам роли катта бўлган.
Учинчи макрлатда Жомий ёзган ва турли адабий жанрларга оид 40 асарнинг рўйхати, бу асарларнинг бир қанчаларининг юзага келишида Навоий сабабчи бўлгани аниқ мисоллар билан изохлаб берилган.
«Хотима» қисмида Навоий Жомий хузурида мутолаа қилган ва фойдаланган китобларнинг шарҳлари, унинг баъзи замондошлари ҳақида ўта салбий фикрлар билдиргани ва бунинг сабаблари, шоирнинг вафоти ва дафн этилиш тафсилотлари ғоят таъсирли кўрсатилган. Асар охирида Навоийнинг устози мотами муносабати билан форсий тилда ёзган марсияси матни тўла келтирилган.
Нашри: Алишер Навоий, Мукаммал асарлар тўплами [20 ж. ли], 15ж., Т., 1999.
Ад.: Ўзбек адабиёти тарихи [5ж. ли], 2ж., Т., 1977.
Абдуқодир Ҳайитметов.