ХАЛҚЛАРНИНГ БУЮК КЎЧИШИ — Европада мил. 4—7-а. ларда германлар, славянлар, сарматлар ва б. кабилаларнинг Рим империяси худудига ўтишидан иборат ялпи этник кўчишларнинг шартли номи. 4-а. нинг 70-й. ларидан бошлаб гуннлар нинг оммавий равишда ғарбга силжишлари X. б. к. га бевосита туртки бўлган. Гуннлар Уралбўйидан юриш бошлаб тахм. 370 й. Волгани кечиб ўтганлар, сўнгра бўйсундирилган аланлар билан бирга Шим. Қора денгиз соҳилларида яшовчи готларта ҳужум қилганлар (375). 376 й. кузида гуннлар тазйиқига бардош беролмаган вестготларнинг бир қисми Римнинг рухсати билан империяга тегишли Дунайнинг жан. даги ҳудудга жойлашганлар. Бироқ ҳукумат амалдорларининг зўравонлиги натижасида вестготлар 377 й. қўзғолон кўтарганлар. 378 й. 9 авг. да Рим қўшини Адрианополь яқинида қўзғолончилар томонидан тормор келтирилган. Готлар, аланлар ва гуннларнинг империяга тазйиқи тўхтатилган, лекин готлар Дунай дарёси ва Болқон тоғлари орасидаги ҳудудда Рим федерати сифатида яшай бошлаган, Рим армиясида варварлашув жараёни кучайган. 4-а. охиридан варварлар тазйиқи янгидан авжга чиққан. 394—395 й. лар қишида гуннлар Сурия ва Каппадокияда чопкун уюштирганлар. Вестготлар Аларих I бошчилигида Юнонистонни талонторож этиб, Иллирикада муқим ўрнашганлар. 410 й. 24 авг. да улар Римни эгаллаб, уни талаганлар. Гарчи готлар 27 авг. даёқ Римдан кетган бўлсаларда, «абадий шаҳар»нинг кулаши улкан маънавий аҳамиятга эга бўлган. 5-а. мобайнида герман қабилалари Ғарбий Рим империясининг бутун ҳудуди бўйлаб жойлашиб, бу ерда бир неча варвар қиролликларини барпо этганлар. Хусусан, Галлиянинг жан. ғарбида маркази Тулуза ш. бўлган Вестгот қироллиги (418 й. ; у кейинчалик Испанияга ҳам тарқалган), Шим. Африкада Вандаллар қироллиги (429—439), Италияда Остготлар кироллиги (493), Шим. Галлияда Франклар қироллиги (476 й. ; кейинчалик у кўплаб варвар киролликларини тобе этган, қ. Франк давлати), Галлиянинг жан. шарқида маркази Лион ш. бўлган Бургундлар кироллиги (тахм. 457 й.); англлар, сакслар, ютлар 5-а. ўрталаридан бошлаб Британияни босиб ола бошлаганлар ва 6-а. охири — 7-а. да бу ерда ўзларининг бир қанча қиролликларини барпо этганлар. 5-а. бошида Ўрта Дунай (Паннония)да ўрнашиб олган гуннлар Аттила даврида (434— 453) Галлия ва Италияни эгаллашга ҳаракат қилганлар. Бироқ Каталаун жанги (451)дан сўнг уларнинг иттифоқи парчаланиб кетган. Император Юстиниан I даврида Шаркий Рим империяси (Византия) варварлардан Шим. Африка, Италия ва Испаниянинг бир қисмини қайтариб олиб, бу ерларда Рим тартиботларини қисман тиклашга эришган. Халқларнинг буюк кўчишининг сўнгги босқичи 6-а. охири — 7-а. ларга тўғри келган. 568 й. лангобардлар Шим. ва Ўрта Италияда муқим ўрнашганлар. Славянлар — аварлар ва протоболгарлар (булғорлар) кўмагида Болқон я. о. да мустаҳкам жойлаша бошлашган, натижада 7-а. га келиб бу ҳудуд аҳолиси, асосан, славянлардан иборат бўлиб, улар ўз князликларини тузганлар, Славянларнинг бир қисми Кичик Осиёга, Византия империяси ҳудудига бориб жойлашган. Славянлар ғарбга — алеманнлар ва сакслар эгаллаган ҳудудларга қадар тарқалишган. Халқларнинг буюк кўчишининг ижтимоийиқтисодий ва сиёсий оқибатлари жуда улкан бўлган. У Ғарбий Рим империясининг қулашига олиб келган.
Ад.: Удальцова 3. В., Италия и Византия в VI в., М., 1959.