КВЕТТА МАДАНИЯТИ

КВЕТТА МАДАНИЯТИ — Шим. Балужистондан топилган энеолит ва жез даврига мансуб археологик ёдгорликлар. Инглиз археологлари В. Ферсервис ва С. Пигготлар томонидан ўрганилган (20-а. нинг 20-й. лари). Кил-Гул-Муҳаммад, Дамб-Содот ва Сур-Жангалда олиб борилган археологик казишмалар натижасида маҳаллий маданиятнинг тадрижий тараққиёт йўли аниқланди. Қад. манзилгохлар мил. ав. 4-минг йилликка доир (радиоуглеродли текширишга кўра, мил. ав. 3500—3100 й. ларга тўғри келади). Қўлда ясалган чақмоқтош қуроллар, сопол буюмлар ҳамда пахсадан қурилган турар жойларнинг кўп эканлиги қайд этилди. Кўй, эчки ва буқа суякларининг топилганлиги ёввойи ҳайвонлар хонакилаштирилганини исботлади. Мил. ав. 3—2-минг йилликда сопол идишлар кулолчилик дастгоҳларида тайёрлана бошлаган, идишларнинг аксарияти геометрик шакллар билан безатилган. Шунингдек, сопол ҳайкалчалар ва мис буюмлар ясаш ҳам кенг йўлга қўйилган. Аҳоли, асосан, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Кветта маданиятида Эрон, Жан. Балужистон, Ҳиндистон ва Ўрта Осиё маданиятлари билан боғлиқлик яққол кўзга ташланади.