КВАС

КВАС (рус.) — жавдар ёки арпа солоди (ундириб янчилган дони), жавдар уни, қанд ва ялпиздан тайёрланадиган чанқовбосар ичимлик. Олдин квас суслоси (аталаси) тайёрланади, квас ачитқиси ва сут кислота бактериялари аралашмаси, қанд ва ялпиз қўшиб ачитилади. 20—25° ҳароратда 6—12 соатдан кейин суслонинг бижғиши тамом бўлади. Сўнг 10—15° гача совитилади, фильтрланади, бочка ёки шишаларга қуйилади. Ҳозир уй шароитида осонгина тайёрласа бўладиган концентратлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, олма, лимон ва б. мевалардан тайёрланадиган Кваслар хам бор.