КВАНТ КУЧАЙТИРГИЧ

КВАНТ КУЧАЙТИРГИЧ — уйғонган атом, молекула ва ионларнинг мажбурий нурланиши ҳисобига радиодиапазондаги электромагнит тўлқинларни кучайтирадиган қурилма. 1956 й. да АҚШ да ўта юқори частотали электромагнит тўлқинлар ва тебранишларни кучайтирувчи парамагнит кристаллардан ясалган квант кучайтиргичлар яратилди. Квант кучайтиргичнинг иши атомдаги электронлар энергиясининг квант механика қонунларига асосан ўзгаришига боғлиқ. Шунинг учун эркин электронлари оқими классик механика қонунларига бўйсунувчи оддий кучайтиргичлардан, лампали кучайтиргичлардан фарқ қилади. Квант кучайтиргич ларда иштирок этувчи парамагнит ионларнинг сони ўзгармаганлиги сабабли уларда миқдорий ўзгариш шовқини бўлмайди. У паст т-рада ишланганлиги туфайли унинг иссиқлик шовқини кичик (шовқин, асосан, спонтан — ўз-ўзидан нурланиш б-н боғлиқ), сезгирлиги жуда юқори. Квант кучайтиргич ларда электромагнит тўлқин фаол муҳитдан ўтиб уйғонган фаол марказ ҳисобига ўз энергиясини кўпайтиради. Квант кучайтиргичнинг бошқа кучайтиргичлардан афзаллиги — хусусий шовқинларининг пастлиги ва юқори даражада сезгирлигидир. Квант кучайтиргич лари радиофизика қурилмалари характеристикаларининг тургунлиги, сезгирлиги, қувватини оширади, оптикада ўта кучли монохроматик ёруғлик манбаи ҳосил қилади. Улардан муҳитнинг ёруғлик таъсирида ўзгаришини ўрганишда, рангли ва ҳажмий тасвирларни олишда, тиббиётда, нозик кўз операцияларини амалга оширишда, техникада ҳисоблаш машиналари элементларини тузишда, материалларни қайта ишлашда, алоқа ва локация мақсадларида, кимёвий реакцияларни бошкаришда ва халқ хўжалигининг турли соқаларида фойдаланилади.