КУЗНЕЦК КЎМИР ҲАВЗАСИ

КУЗНЕЦК КЎМИР ҲАВЗАСИ, Куз басе — Россиядаги йирик кўмир ҳавзаларидан бири. РФнинг Кемерово вилоятида Кузнецк сойлиги ҳудудида жойлашган. Умумий майд. 70 минг км2, шундан кўмир қатламлилиги 26,7 минг, км2. Геологик тузилишига кўра, юқори палеозой, мезозой ва кайнозой эраси чўкинди жинсларидан ташқил топган. Кўмирли ётқизиқлар тошкўмир, пермь, триас, юра, бўр даврларида ҳосил бўлиб, қаватмақават жойлашган қумтош, алевролит, аргиллит ва кўмир қатламларидан иборат. Юқори тошкўмир даври ётқизиқлари острогек свитаси деб аталиб, унда 3 та кўмир қатлами, қуйи пермь балахонск свитасида 64 та кўмир қатлами бор. Юқори пермь ётқизиқлари эса 3 свитага бўлинади (пастдан юқорига): Кузнецк свитасида 6 кўмир қатлами, ильинск свитасида 64 кўмир қатлами ва еруваковск свитасида 105 кўмир катлами бор. Қуйи юра — конгломерат свитасида 19 кўмир қатлами мавжуд.

Саноат аҳамиятига эга бўлган кўмир қатламлари фақат балахонск, еруваковск ва конгломерат свиталарида (қалинлиги 10—15 м) учрайди. Кўмирнинг таркибида 4—9% кул, 0,3—0,65% олтингугурт, 4—45% учувчи газлар бор. Балахонск свитасидаги кўмир кокс саноати ва энергетикада ишлатилади. Конгломерат свитасидаги кўмирдан эса энергетика ва кимё саноатида фойдаланилади. Кузнецк ҳавзасини қуршаб олган тоғ тизмаларида темир ва полиметалл конлари бор.