КУН

КУН — Ернинг Қуёшга нисбатан тўла айланиш даври; бир кеча-кундузга тенг бўлган вакт, сутка. Давомийлиги 24 соат билан ўлчанади. Бу вақт икки хил — ҳақиқий Қуёш суткаси (ҲҚС) ва ўртача Қуёш суткаси (ЎҚС) дейилувчи ўлчовларга эга. ҲҚС иккита кетма-кет келадиган ҳақиқий туш (ёки ҳақиқий ярим кеча) вақтлари орасидаги вақт билан ўлчанади. ҲҚС, Қуёш йиллик кўринма йўлининг осмон экваторига қиялиги (оғиш бурчаги 23° 26’) ва эклиптика (Куёш йиллик кўринма йўли) бўйлаб ҳаракатнинг нотекислиги туфайли ўзгариб туради ва шу туфайли ундан амалда фойдаланиб бўлмайди. Амалда ҲҚС нинг йил давомида ўртача қиймати — ўртача Қуёш суткаси — К. нинг узунлиги сифатида фойдаланилади. Бу вақт осмон экватори бўйлаб, йил давомида, текис ҳаракатланадиган ўртача Қуёш дейилувчи фаразий Қуёш марказига нисбатан Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш даври билан ўлчанади.