КУЧУМХОН

КУЧУМХОН, Кўчимхон, Кўчим, Кучум (? — 1598) — сўнгги Сибирь хони (1563—98), рус қўшинларига қарши курашган. Кучумхон руслар таъсиридаги Едигар (Ёдгор) ни тахтдан ағдариб, ўзи Сибирь хони бўлди (1563). Ғайратли ва истеъдодли Кучумхон ўз атрофига ақлли одамларни тўплади ва хонлик ҳудудларини кенгайтиришга киришди. Туркий Сибирь хонлигининг ғарбий чегараси аввалги ҳудуди — Урал тоғларигача етди. Сибирни мустамлакага айлантириш учун интилаётган Ермак бошчилигидаги казак қўшинлари унинг жиддий қаршилигига учради. Ермак қўшини 1582—83 й. қишини Чинги (ҳоз. Тюмень) ш. да ўтказди. Кучумхон бўлғуси жангларга пухта тайёргарлик кўрди. Сибирь хонлиги билан Бухоро хонлиги ўртасида савдо-сотиқ муносабатлари яхши йўлга қўйилган эди. Сибирда кўплаб бухоролик ўзбеклар яшаган. Бухоро хони Абдуллахон II га махсус элчилар юборилиб, ундан ҳарбий ёрдам сўралди. К. Сибирь хонлигини Бухоро давлатига қўшиш тарафдори бўлган. Бироқ ўртадаги масофанинг жуда олислиги, Абдуллахон II томонидан Туркистонни бирлаштириш учун олиб борилаётган фаол ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Сибирга ўз вақтида ҳарбий ёрдам юборилмади. Ермак қўшини Тобол дарёсидан ўтиб, Иртиш дарёси соҳилидаги Сибирь пойтахти — Кашлиқ (Искер) ш. ни шиддатли жанглардан сўнг босиб олди (1583 й. 25 окт.). К. бошчилигидаги қўшин (вогуллар ва остяклар унинг иттифоқчилари эди) чекинишга мажбур бўлди.1584 й. Бухородан катта кар-вон етиб келди. Кучумхон қўшинлари ҳужумга ўтиб, Иртиш бўйидаги ҳоз. Тура ш. ўрнида Ермак қўшинини янчиб ташлашди (1585). Жангда босқинчиларнинг бошлиғи ҳам ўлдирилди. Н. Карамзиннинг ёзишича, 1587 й. Русь подшоси Фёдор Иванович (ҳукмронлиги 1584—98) Кучумхонга махсус ёрлиқ юбориб, у агар Москвага бўйсунса, ҳозиргидек Сибирь хони бўлиб қолишини маълум қилади. Кучумхон жавоб хатида мағрурлик билан у Сибирь хони эканлигини ва Ермакни енгганлигини таъкидлайди. 1591 й. 1 авг. да Кучумхоннинг ўғли Абулхайр ва икки хотини И шим даштидаги Чиликўл атрофида асир олиниб, Москвага жўватилган. Кучумхон рус отрядларига қарши муваффақиятли жанг ҳаракатларини 1598 й. гача давом эттирди. 1598 й. бўлган жангларнинг бирида у мағлубиятга учраб, Нўғай ўрдага чекинди ва ўша ерда ўлдирилди. Кучумхоннинг ўлимидан сўнг ҳам Сибирдаги татар ва б. халқлар анча муддат рус аскарларига қарши курашдилар.

Ад.: Барманкулов М., Хрустальвая мечта тюрков о квадровации, Алматы, 1999.

Қаҳрамон Ражабов.