КУЧТЕГИН ПАҲЛАВОН

КУЧТЕГИН ПАҲЛАВОН (13 а.) – Хоразмшоҳлар давлати ҳарбий арбобларидан бири. Мўғуллар истилоси даврида Марв мудофааси рахбари. Мўғуллар Марвни 1221 й. 25 фев. да босиб олганлар ва шаҳар ҳокимлигига амир Диё-ад-Дин Алини, шмхваликка — мўғул Бормасни тайинлашган. 1221 й. 7 нояб. да Марв аҳолиси қўзғолон кўтариб Бормасни қувиб юборган, Диё-ад-Дин Али бу пайтда шаҳарда бўлмаган. У қўзғолончилар тарафини олмаган ва Марвга Кучтегин Паҳлавон келиши билан мўғуллар то-монига ўтиб кетган ва Мурғ қалъасига беркинган. Кучтегин Паҳлавон шаҳар мудофаа деворларини қайта тиклаган, Мурғоб дарёсидаги тўғонни таъмирлаган. Шундан сўнг у Диё-ад-Дин Алини бартараф этган. Мўғуллар катта куч билан келиб қўзғолонни бостирган. Кучтегин Паҳлавон минг кишилик қўшини билан Марвни тарк этган. У Бухорога йўл олган, Жайхундан ўтганда мўғулларга тўсатдан ҳужум қилиб, уларнинг бошлиқларини (шихвасини) ўлдирган. Шундан сўнг мўғуллар унга қарши 10 минг кишилик отлиқ қўшин ташлаган. Сангбаст қишлоғи ёнидаги жангда Кучтегин Паҳлавон мўғуллардан енгилгач, Сабзаворга кетган. Сабзаворда Элчи Пахлавоннинг ўғли Эканқу билан учрашиб, у билан бирга Инончхонга қўшилган. Уларнинг орқаларидан қувиб келган мўғул қўшинидан Журжон жанги (1222) да мағлубиятга учраган.