КСЕРОДЕРМА

КСЕРОДЕРМА, пигментли ксеродерма (юн. xeros — қуруқ ва дерма) — терининг наслдан-наслга ўтадиган туғма касаллиги; дерматозларта киради. Бунда тери қуёш нури (ультрабинафша нур)га ўта сезгир бўлади. Асосан, бола ҳаётининг биринчи йилларидаёқ намоён бўлади. Офтоб баданнинг очиқ жойларига (юз, қўл-оёққа) тушганидан кейин, у ерда эритематоз (қ. Эритема) ва пигментли доғлар пайдо бўла бошлайди: тери қуруқшаб, қазғоқлайди, бора-бора тери юпқа тортиб, буришади (бурун қирралашиб, оғиз тортишиб қолади), конъюнктивит, кўз қовоқларининг қайрилиб қолиши ва ҳ. к. кузатилади. Боланинг ёши катталашган сайин (8—10 ёшларда) терисида сўгалсимон ёки папилломатоз ўсимталар пайдо бўлиб, эпителиомалар (рак, базалиома, меланома ва б.) га айланиши мумкин (қ. Папиллома). Беморга кортикостероидл ар, витаминлар, рентгентерапия буюрилади, баъзан жарроҳлик усули қўлланилади.