КОТЛОВ Борис Васильевич

КОТЛОВ Борис Васильевич (1923.2.7, Николаев ш., Украина — 1995. 19.11, Москва) — рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1981). Днепропетровскдаги Рассомлик билим юрти (1940—41) ва Тошкентдаги П. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти (1944—49)да таҳсил олган. Ижодини безакчи рассом сифатида бошлаган Котлов кўргазма ва ярмаркалар, куча ва майдонларни байрамона безаклари, жамоат ва давлат муассасалари биноларини ички ва ташқи кўриниши, тасвирий безакларини яратган (Чирчиқ ш. маданият саройи, 1980 ва б.). 1960 й. дан акварель соҳасида фаол ижод қилиб, табиат манзаралари, шаҳарлар қиёфаси акс этган асарлар яратди («Тоғларда баҳор», 1968; «Мовий кун», 1968; «Оқтош манзараси», 1971; «Бухоро», 1971; «Лолалар», 1972; «Чорвоқ ГЭС тонги», 1974; «Оҳангаронда янги қурилиш», 1980 ва б.).