КОСОНСОЙ СУВ ОМБОРИ

КОСОНСОЙ СУВ ОМБОРИ — Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти ҳудудида жойлашган гидротехника иншооти. Фарғона водийсидаги дастлабки сув омборларидан бири, водийнинг шим.-шарқида (Наманган ш. дан 50 км шим.-ғарбда). Косонсой дарёси режимини тартибга солиш, сел сувларини тўплаш мақсадида Косонсой водийсининг торайган Ўртатўқай ботиғида барпо этилган. Қурилиш 1941 й. да бошланиб, 1948 й. да 100 млн. м3 ҳажмдаги сув омбори фойдаланишга топширилди, 1955 й. да батамом туғалланган. Косонсой сув омборига бал. 60 м, ўз. 290 м тўғон қурилди. Косонсой сув омборининг сув сиғими 165 млн. м3, сув юзасининг майдони 8 км2, ўз. 5,2 км, чуқ. 20,6 м. К. с. о. суви билан Наманган вилояти Чует, Косонсой, Тўрақўрғон туманлари ва Кирғизистоннинг Ўш вилояти Олабуқа тумани экинзорлари суғорилади. Сув тўплаш дек. дан июлгача давом этади.