КОСМИК ФИЗИКА

КОСМИК ФИЗИКА — астрофизика ва физика усулларини яқин космик фазодаги турли объектларга қўллаш ҳамда космик расадхоналар учириб Ер атро-фидаги космик фазо, шунингдек, Куёш системасидаги физик ҳодисаларни ўрганувчи фан. У баъзан космик фазо физикаси деб ҳам аталади. Космик физика дастлаб астрофизика билан бирга ривожланиб, ўз ичига бутун Коинот физикасини ола бошлаган. Кейинчалик эса астрофизика ва космология фаол ривожлана бошлаган. Энди Космик физика, асосан, Қуёш системаси ва унга яқин фазо физикаси муаммоларини ўрганиш билан шуғуллана бошлади. Хусусан, Ер яқинидаги космик фазо физикаси жуда мураккаб бўлиб, унинг ва Ер магнитосферасининг хусусиятлари яхши ўрганилмаган. Ер атмосферасининг юқори қисми Қуёшдан келаётган ультрабинафша нурлар таъсирида ионлашган плазма ҳолатида кузатилади. Ернинг радиацион минтақалари, магнитосфера деб аталувчи Ернинг тўртинчи плазма қобиғи, Қуёш шамолининг кашф этилиши, Ер магнит майдони ва сайёралараро фазо магнит майдонининг тузилишини ўрганиш Космик физиканинг улкан ютуғи бўлди. Олинган экспериментал маълумотлар Қуёш — Ер юзасидаги алоқаларнинг муаммоларини, яъни Қуёш ва Ер атрофидаги космик фазонинг Ердаги турли геофизик ва биологик жараёнларга таъсири б-н боғлиқ кўпгина масалаларни баён этиш имконини берди. Сайёралараро фазо, сайёралар, кометалар, астероидлар, Қуёш системасини ўраб турувчи Оортнинг кометалар булути Космик физика фани объектларидир.