КЎРСОДИҚ

КЎРСОДИҚ — маҳаллий ўрик нави. Дарахти баланд, шох-шаббаси ёйилиб ўсади. Барглари йирик. Меваси ўртача, 35—40 г, думалоқ. Пўсти юпқа, сертук, эти тўқ сариқ, таъми хушхўр, сувли, ширин. Меваси таркибида 14—16% қанд, 0,6—1,09% кислота, 23,8 мг % витамин С бор. Данагидан осон ажралади. Данаги йирик, мағзи ширин. Кўчати ўтқазилгач, 7—8-йили ҳосилга киради, меваси июнь охири — июлнинг бошларида пишади. 30—40 ёшида тупидан 200-300 кг ҳосил олинади. Меваси, асосан, қуритилади (32—33% туршак тушади), компот, мураббо пиширилади. Касалликларга чидамли нав. Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида, Фарғона, Тошкент вилоятларининг тоғ олди ҳудудларида экилади.