КОНТРАКТАЦИЯ ШАРТНОМАСИ — қ. х. соҳасидаги олди-сотди шартномаси турларидан бири. Унга кўра, қ. х. маҳсулотини етиштирувчи шахс ўз маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун харид қиладиган тайёрловчига шартла-шилган муддатда топшириш, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш, ҳақини шартлашилган муддатда муайянбаҳода тўлаш мажбуриятини олади. Контрактация шартномаси пахта, ғалла, жун, пилла, мева-сабзавот ва шу каби қ. х. маҳсулотлари юзасидан тузилади. Бозор муносабатлари тизимида Контрактация шартномаси аграр соҳада иқтисодиётни ривожлантирувчи энг қулай юридик воситадир. Унинг анъанавий олди-сотди шартномасидан фарқи шундаки, Контрактация шартномасида харидор ва сотувчи ўртасида узоқ муддатли шартномавий алоқалар мавжуд бўлади, бу мавсумийлик билан боғлиқ қ. х. да маҳсулот ишлаб чиқарувчини ўз маҳсулоти харидори билан ўзаро ҳамкорликда бўлишини тақазо этади. Мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатьи назар қ. х. маҳсулотларини харид қилувчи ташқилот, корхоналар (тайёрлов, савдо, қайта ишловчи ва б.) билан-қ. х. корхоналари, шу жумладан, ширкат, фермер (деҳқон) хўжаликлари мазкур шартнома иштирокчилари ҳисобланади. Агар қ. х. маҳсулоти давлат эҳтиёжи учун харид қилинса, у ҳолда қ. х. корхонаси, тайёрловчи ва уларга хизмат қилувчи банклар шартнома субъектлари бўлади. Шартномада қуйидагилар кўрсатилади: маҳсулот номи, ассортименти, миқдори (маҳсулот турлари бўйича), сифати, нархи, шартноманинг умумий суммаси, етказиб бериш тартиби ва шартлари, маҳсулотни топшириш, қабул қилиш пунктлари ва даврлари (муддатлари), ҳисоб-китоблар тартиби, шартнома шартларини бузганлик учун жавобгарлик ва ҳ. к. Шартнома 1—5 й. гача муддатга тузилади. У қ. х. корхонаси жойлашган жойда, 3 нусхада тузилади ва имзоланади. Контрактация шартномасини тузиш, ижро этиш ва тарафларнинг жавобгарлиги бўйича муносабатлар ЎзР Фуқаролик кодексининг 465—467-моддалари, ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1994 й. 29 авг. да 438-сонли қарори билан тасдиқланган «Қ. х. маҳсулотлари контрактация шартномаларини тузиш ва бажариш тартиби тўғрисида низом» билан тартибга солинади.
Ад.: Абдусаломов М. А., Отахонов Ф., Контрактация шартномаси, Т., 1997.
Омон Оқюяов.