КОНДИЦИОНЕР

КОНДИЦИОНЕР — 1) ҳавони мўътадиллаш агрегати; вентилятор, ҳавони иситкич, ҳавони совиткич ва ҳаво фильтрларидан иборат. Мустақил, номустақил ва етказиб берувчи Кондиционер, марказий (объектдан узоқроққа ўрнатилади), маҳаллий (объектнинг ўзига ёки унинг яқинига ўрнатилади) турлари бор. Мустақил Кондиционерда совитиш машинаси ёки совитиш машинаси ва Электр ҳаво иситкичи бўлади, бўлардан ташқари электр двигателли совитиш компрессорлари, буғлаткич-ҳаво совиткич, конденсатор, ҳаво фильтри, электр двигателли вентиляторлар, совитиш машинаси ишини автоматик ростлаш, хона ичидаги ҳавони бир меъёрда автоматик тўтиб туриш асбоблари бор. Номустақил Кондиционерда совуқ, ва иссиқ ҳаво ташқи манбадан келади. Етказиб берувчи Кондиционерда ҳаво марказий Кондиционердан берилиб, совуқ ва иссиқ (совуқ ва иссиқ сув) ташқи манбадан берилади; унинг вентиляторли ва эжекторли турлари бор. Сувни буғлатиб ҳаво совитиладиган буғлаткичли Кондиционер ҳам ишлаб чиқарилади. Мустақил Кондиционернинг иш унумдорлиги соатига 450—16000 м3, номустақилники — 1500—500000 м3 ҳаво. Кондиционер турар жой, жамоат, саноат ва қ. х. бинолари, вагонлар, самолётлар ва б. да қўлланилади;

2) донларга гидротермал ишлов берадиган аппарат; бунда ун майин тортилади ва сифати яхшиланади.