КОНДЕНСАТЛАНИШ РЕАКЦИЯЛАРИ

КОНДЕНСАТЛАНИШ РЕАКЦИЯЛАРИ — икки ёки бир нечта оддий моддалардан мураккаб бирикмалар ҳосил бўлишини тавсифлайдиган кўп сонли реакциялар гуруҳининг органик кимёда номланиши. Бунда янги углерод-углерод (С—С) боғлари ҳосил бўлади. Конденсатланиш реакцияларида, кўпинча, сув, водород, спирт, галогенводород ва галогенлар ажралади. Бу хилдаги Конденсатланиш реакцияларига кротон конденсатланиш, бензоин конденсатланиш, альдол конденсатланиш, диен синтези ва б. мисол бўла олади. Бундан ташқари, гетероциклик бирикмалар ҳосил бўладиган барча реакциялар ҳам органик кимёда Конденсатланиш реакциялари деб аталади. Бу реакциялар жараёнида углерод — углерод, углерод — гетероатом, гетероатом — гетероатом каби янги боғлар ҳосил бўлиши мумкин. Одатда, этерификация, қайта этерификация, кислород ёки азот ва б. бўйича алкиллаш, ациллаш реакциялари Конденсатланиш реакцияларига кирмайди. Лекин бу схемаларда полимерлар ҳосил бўлиши поликонденсатланиш реакциялари дейилади. Конденсатланиш реакциялари саноатда, лаб. да кенг қўлланилади. Пластмассалар, локлар, сунъий тола ва б. тайёрлашда ишлатиладиган кўпгина синтез смолалар (мас, капрон) К. р. билан олинади.