КОММЕРЦИЯ

КОММЕРЦИЯ (лот. commercium — савдо) — савдо ва савдо-воситачилик фаолияти, товар ва хизматларни сотиш ёки сотилишига кўмақлашишда иштирок этиш. Коммерция фаолиятининг асосий йўналиши — товар ва хизматларни ишлаб чиқарувчилардан истеъмолчиларгача етказиб бериш—муомала сохаси ҳисобланади. Меҳнат тақсимоти натижасида Коммерция фаолияти алоҳида иқтисодий йўналиш сифатида шаклланган. Коммерция ихтисослашган кенг соҳа бўлиб, бугунги кунда унинг асосий йўналишларига савдо-воситачилик ва реклама фаолияти киради. Савдо-воситачилик фаолияти универсал ва ихтисослашган, улгуржи ва чакана савдо турларидан иборат. Реклама фаолияти ҳам Коммерциянинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, товарлар хизматлар савдосини рағбатлаштиришга йўналтирилган фаолият соҳасини ташқил этади. Реклама истеъмолчилар учун товар ва хизматлар тўғрисида ошқора ахборот етказади ва уларнинг сотилишини фаоллаштиради.

Маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчидан харид этилган нархи билан уни истеъмолчига сотиш нархи ўртасидаги фарқ Коммерция даромадларини ташқил этади.