КОЛХИДА ПАСТТЕКИСЛИГИ

КОЛХИДА ПАСТТЕКИСЛИГИ — Грузиядаги пасттекислик. Ғарбий Закавказьеда, ғарбда Қора денгиз соҳили, шим.-шарқда Катта Кавказ ва жан. да Кичик Кавказ тоғлари оралиғида. Денгиз соҳили бўйлаб Сухуми шаҳридан Кобулети шаҳригача чўзилган. Колхида пасттекислиги — аллювиал текислик; антропоген аллювийсининг қалинлиги 700 м гача. Нефть-газ конлари, минерал булоқлар (Цхалтубо) бор. Иқлими нам субтропик. Йил бўйи ёғин ёғади (йиллик ёғин 1500 мм). Янв. нинг ўртача т-раси 4,5 дан 6° гача, авг. ники 23—24°. К. п. ни Риони, Ингури ва б. дарёлар кесиб ўтади. Денгиз бўйидаги Поти ш. яқинида Палеостоми кўли бор. Колхида пасттекислигининг ғарбида ботқоқлик ландшафтлари мавжуд. Ботқоқликларда қандағоч ўрмонлари катта майдонни эгаллайди. Баландроқ чекка қисмлари дуб, қора қайин, доим яшил бута ва чирмовуклар б-н қопланган. Колхида пасттекислигида ғалла экинлари (асосан, маккажўхори) экилади; бог ва субтропик мевазорлар бор.