КОЛОРИМЕТРИЯ

КОЛОРИМЕТРИЯ (лот. color — ранг ва… метрия) — рангларни ва улар орасидаги тафовутларни ўлчаш ва миқдорий жиҳатдан ифодалаш усуллари. Моҳияти 3 асосий ранг (қизил, яшил ва зангори ранглар) нинг танланган тизимида ранглар координаталарини аниқлашдан иборат. Бунда текширилаётган рангдан фарқ қилмайдиган ранг танланади. Ранглар колориметр асбобида ўлчанади. Рангларни миқдорий ифодалаш усуллари ёруғлик техникасида (ёритиш асбобларини ишлаб чиқиш учун), рангли кино, телевидение ва б. соҳаларда қўлланади. Машқ қилавериш натижасида одам кўзи 10 мингдан opтиқ, ранг ва тусларни фарқлаши мумкин. Кўп рангли фотометрия усулида юлдузларнинг рангларини миқдорий жиҳатдан ўрганиш юлдузлар К. си деб аталади. Бунда аниқбир юлдузнинг фотосуратлари олинади ёки фотоэлектрик усулда турли ёруғлик фильтрлари орқали унинг ёрқинлиги ўлчанади. Эритмалардаги моддалар концентрациясини ўлчаш учун мўлжалланган асбоб кимёвий Колориметрия дейилади. Бу асбобни иши бўялган эритмаларнинг ўзидан ўтаётган ёруғликни ютишига асосланган. У ёруғлик фильтрлари тўплаш билан таъминланади (қ. Рангларни ўлчаш).