КОЛЛИЗИОН НОРМАЛАР — фуқаролик, оила, меҳнат ва халқаро тусдаги бошқа ҳуқуқий муносабатга қайси давлат ҳуқуқи қўлланилиши лозимлигини кўрсатувчи меъёрлар. Коллизион ҳуқук таркибига киради. Бундай ҳуқуқий муносабат юзага келган пайтда суд ёки бошқа давлат органи олдида мазкур муносабатга шу давлатнинг миллий ҳуқуқини ёки чет эл ҳуқуқини қўлланиш лозимлиги масаласи ҳал қилинади. Ўзбекистон ФКнинг 6 бўлимида халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан татбиқ қилишнинг умумий қоидалари, жисмоний ва юридик шахслар, шахсий номулкий ҳуқуқлар, интеллектуал битимлар, вакиллик, даъво муддати, ашъёвий ҳуқуқлар, шартнома ва шартномадан ташкари мажбуриятларга, ворислик ҳуқуқига оид Коллизион нормаларлар белгилаб берилган. Уларга кўра, жисмоний шахс қайси мамлакат фуқароси бўлса, шу мамлакат ҳуқуқи унинг шахсий қонуни ҳисобланади. Шахс икки ёки ундан ортиқ фуқароликка эга бўлган такдирда, у қайси мамлакат билан энг кўп узвий боғланган бўлса, унинг учун ўша мамлакат ҳуқуқи шахсий қонун ҳисобланади. Фуқаролиги бўлмаган шахс қайси мамлакатда доимий яшаб турган бўлса, ўша мамлакат ҳуқуқи унинг шахсий ҳуқуқи ҳисобланади. Жисмоний шахснинг ҲУКУҚ ва муомала лаёқатлари унинг шахсий қонуни билан белгиланади. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ЎзРда фуқаролик ҳуқуқ лаёқатида ЎзР фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади. ЎзР қонунлари ёки халқаро шартномаларда белгиланган ҳоллар бундан мустасно (ФК, 1168, 1169-моддалар).