КОЛЛИМАТОР

КОЛЛИМАТОР (collineo — тўғри чизиқ бўйлаб йўналтираман) — ингичка параллел нурлар (электромагнит нурланиш) ёки зарралар (атомлар, электронлар, элементар зарралар) дастасини ҳосил қилишга мўлжалланган оптик қурилма. Коллиматор фокаль текислигида ёритилган жисм жойлаштирилган объектив ёки ботик, кўзгудан иборат. Кўпинча, бундай жисм сифатида ношаффоф диафрагма тешиги хизмат қилади. Объектив ва жисмларни Коллиматор даги қувурсимон корпусга маҳкамлаб, уларнинг бир-бирига нисбатан жойлашиши белгиланади. Қорайтирилган корпус деворлари йўналиши тўғри келмайдиган нурларни ютади. Коллиматордан чиқаётган параллел нурлар дастаси бир-бирига яқин бўлади: жисмнинг бир нуқтасидан тарқалаётган нурлар объективнинг дифракцияси ва аберрацияси туфайли буткул ўзаро параллел бўлмайди. Фокус масофаси, тешиги, объектив аберрацияснни тўғрилаш сифати, жисмнинг шақл ва ўлчамлари Коллиматор қўлланиладиган соҳага ва ундан фойдаланиш шароитларига қараб олинади. Коллиматор астрономияда ўлчаш асбобларини тўғрилаш ва уларнинг коллимацион (тўғри чизиқлиликдан оғиш) хатоларини аниқлашда, спектрал асбобларда ёруғлик дастасини ҳосил қилишда, ўлчаш, синаш ва тўғрилаш оптик асбобларида қўлланилади.