КОЛИТ

КОЛИТ (юн. kolon — йўғон ичак) , қўлунж — йўғон ичакнинг яллиғланиши. Кўпинча юқумли касалликлар (дизентерия, паратиф), шунингдек, овқат маҳсулотларидан заҳарланганда, ичак фаолиятининг нерв орқали бошқарилиши издан чиққанда, баъзан гижжалар таъсирида келиб чиқади. Колитга саноатда ишлатиладиган заҳарли моддалар (симоб, маргимуш, сулема, органик моддалар), баъзи касалликларда организмда ҳосил бўладиган токсинлар (интоксикацион Колит) сабаб бўлади. Антибиотиклар ва б. дориларни назоратсиз қабул қилиш оқибатида ҳам Колит юзага келади. Ўткир ва сурункали Колит фарқ «қилинади. Ўткир Колит тўсатдан бошланади, қорин дам бўлади ва тўтибтутиб оғрийди, ич кетади, у, кўпинча, шиллиқ, йиринг ёки қон аралаш, ачимсиқ ҳидли бўлади. Колитнинг инфекцион хилида бемор дармонсизланади, оғзи қурийди, кўнгли айнийди, ҳарорати 39—40° гача кўтарилади. Ўткир Колит ўз вақтида қунт б-н даволатилмаса, сурункали Колитга айланади. Сурункали Колитда касаллик дам зўрайиб, дам пасайиб туради. Касалликнинг зўрайишига йўғон ичакка таъсир қилувчи таомлар (тўзламалар, аччиқ ва нордон нарсалар) истеъмол қилиш, жисмоний ва руҳий толиқиш, ҳаяжонланиш, қуёш тиғида туриб қолиш, баданнинг қизиб кетиши, овқат ҳазм қилиш йўллари бошқа касалликларининг авж олиши сабаб бўлади. Бунда суюқ ич кетиши қабзият билан алмашиниб туради, ахлат б-н кўп миқдорда шилимшиқ ажралиб чиқади. Беморнинг иштаҳаси йўқолади, ҳолсизланади ва салга толиқади, озиб кетади, витамин етишмовчилиги ва б. ҳолатлар кузатилади. Йўғон ичакда юза-катарал яллиғланишдан то ярали яллиғланишгача бўлган ўзгаришлар кузатилади. Касалликнинг олдини олишда ичак инфекциясини бартараф этиш, овқатланишни маромида олиб бориш, шунингдек, ичак касалликларини ўз вақтида даволатиш муҳим. Меъда-ичак шиллик қаватига таъсир этувчи заҳарли моддалар (мас, қўрғошин) билан ишлаганда хавфсизлик техникаси қоидаларига тўла амал қилиш ва вақт-вақти билан врач назоратидан ўтиб туриш керак. Д а в о с и . Касалликнинг тури ва кечишига қараб даво буюрилади. Пархез таомлар, доридармонлар, физиотерапия, меъда-ичак касалликларига ихтисослашган даволаниш масканларидан фойдаланиш тавсия этилади.