КОЛИБРИЛАР

КОЛИБРИЛАР (Trochili) – узун қанотлилар туркумининг кенжа туркуми. 319 турни бирлаштиради. Асосан, Марказий ва Жан. Америка, айрим турлари Шим. Америкада тарқалган. Қушлар орасида энг кичиги, баъзиларининг катталиги қовоғаридек келади. Оғирлиги 1,6— 20 г. Ташқи кўриниши ҳар хил, патлари ранг-баранг. Тумшуги узун ва ингичка, тўғри ёки бир оз қайрилган. Жуда тез учади, қанотини тез қоқиб, ҳавода муаллақ тура олади. Тоғ, текислик, ўрмон, боғ ва чўлларда яшайди. Кўп вақтини ҳавода ўтказади. Ерда юролмайди. Вазни 0,2 г лик 2 та тухум қўяди. Тухумини 14—19 кун босади. Боласи бир ойда учирма бўлади. Колибрилар, гул нектари, қисман майда ҳашаротлар билан озиқланади.