КОЛЧАК Александр Васильевич (1873, Санкт-Петербург — 1920, Иркутск) — Россия ҳарбий арбоби, қутб тадқиқотчиси, гидролог, Россиядаги Фукаролар урушида оқлар ҳаракатининг бош раҳбарларидан бири, адмирал (1918). Қутбга уюштирилган экспедицияларда (1900-02, 1903, 1908-11) қатнашган. Биринчи жаҳон уруши даврида Қора денгиз флоти қўмондони (1916—17). Большевиклар ҳокимияти ва совет режимига қарши курашган. 1918 й. окт. да инглизлар ёрдамида Омский эгаллади. 4 нояб. да Уфа директорияси (Бутун Россия муваққат ҳукумати) таркибига ҳарбий ва денгиз вазири қилиб киритилди. 18 нояб. да Омскда ҳарбий тўнтариш қилиб, Уфа директориясини тарқатиб юборди ва Бутун Россия Омск ҳукуматини тузди (раис — Вологодский П.), ўзини «Россия давлатининг олий ҳукмдори» деб атади. К. Сибирь, Урал, Узоқ Шарқда қаттиққўллик билан тартиб ўрнатди. У Россиянинг қуруқлик ва денгиздаги бутун қуролли кучлари Олий бош қўмондони унвонига сазовор бўлган. К. Туркистондаги шўроларга қаршилик ҳаракати раҳбарларидан Мадаминбек, Катта Эргаш, Жунаидхон билан алоқалар ўрнатиб, уларни ўз раҳбарлигида «Ягона Россия учун совет режимига қарши кураш»га даъват қилди. Бироқ, унинг бу даъватларини миллий етакчилар қатъий рад қилиб, Туркистон мустақиллиги учун курашдилар. Колчак 1919 й. нояб. да қизил армия қўшинларидан мағлубиятга учраб, Омскдан Иркутскка чекинган. 1920 й. 4 янв. да Олий бош қўмондонлик ваколатини сиртдан Деникинга топширди. 15 янв. да Иркутскда оқ чехлар томонидан асир олиниб, большевикларга берилди, 7 фев. да Иркутск Фавқулодда комиссияси (ЧК) томонидан отиб ўлдирилди.
Ад.: Гражданская война в России: перекресток мнений, М., 1994.