КОЛБАСА МАҲСУЛОТЛАРИ

КОЛБАСА МАҲСУЛОТЛАРИ — бевосита истеъмол қилишга тайёр озиқовқат маҳсулотлари. Гўшт, ёғ ҳамда ҳайвон ва ўсимликлардан олинадиган ёрдамчи маҳсулотлар қўшиб тайёрланади. Колбаса маҳсулотларига дудламалар (қ. Дудлаш), пиширилган (шу жумладан, сосиска ва сарделкалар), қиймали, ливер, ҳайвон қонидан тайёрланган, ярим дудланган, (пиширилиб дудланган, нам дудланган) колбасалар киради. Колбаса маҳсулотлари умумий истеъмол, даво-парҳез ва болалар истеъмолига мўлжалланган турларга бўлинади. Колбаса маҳсулотларининг айримлари консервалар ҳолида ишлаб чиқарилади. Колбаса маҳсулотлари тайёрлашда мол, чўчқа, оз миқдорда қўй, парранда ва қуён гўшти ишлатилади. Ичига турли қўшимчалар: сут оқсили, ун, крахмал, ёрмалар, зираворлар ва б. солинади. Кўпгина Колбаса маҳсулотлари учун қийма (қиймаланган гўштга ёғ ва турли қўшимчалар аралаштирилади) тайёрланади, сўнгра уни қобиққа тиқиб ёки махсус қолипларга солиб олинган ярим фабрикатлар қовурилади, қайнатилади ёки дудлаб, сўнг зарурат бўлганда қуритилади ва совитилади. Колбаса маҳсулотларини совитилган ҳолда сақлаш муддатлари: нам дудланган колбасалар — 9 ойгача, пишириб дудлангани — 4 ойгача, ярим дудлангани — 15 суткагача, пиширилгани — 2 суткагача, ливерли — 24 соатгача.

Ўзбекистонда турли Колбаса маҳсулотлари гўшт к-тлари ва хусусий корхоналарда ишлаб чиқарилади.