КОЛА ЯРИМ ОРОЛИ

КОЛА ЯРИМ ОРОЛИ — РФ Европа қисмининг шим. – ғарбидаги ярим орол. Баренц ва Оқ денгизлар билан ўралган. Майд. 100 минг км2. Ғарбий қисмида тоғ массивлари: Хибин тоғлари (бал. 1191м гача) ва Ловозеро тундраси (бал. 1120 м гача) бор. К. я. о., асосан, токембрий ва қуйи палеозойнинг кристалли жинсларидан тузилган. Тоғ ва платолар мўз фаолияти натижасида яссиланиб, сийқаланиб «қўй пешоналари» деб аталадиган рельеф шақлларини ҳосил қилган. Иқлими Атлантика оқими туфайли юмшоқ. Янв. нинг ўртача т-раси —8°дан (шим. соҳилда) —13° гача (марказий қисмида), июлники 8° — 14°. Йиллик ёғин 300— 1000 мм. Дарёлари қисқа, лекин серсув. Кўл кўп. Шим. да тундра ўсимликлари ўсади, жан. ўрмонли тундра ва тайгадан иборат. Апатит-нефелин рудалари кони бор. Кола ярим оролида Мурманск порт шаҳри жойлашган.