КЎКАТ ТЎСИҚ

КЎКАТ ТЎСИҚ, кўкат девор,четан — боғ, кўчатзор, йўл, гулзор, хиёбонларни қор, қум босиши, мол пайҳон қилишидан ҳимоялаш, шунингдек, кўча ва хиёбонлар манзарали бўлиши учун уларнинг четига қатор қилиб зич экилган бута ёки дарахтлар. Кўкат тўсиқ ҳосил қилиш учун бўйи бир текис қаламчалар (баъзан шох-шабба чиқарганлари ҳам) 1—3 қатор экилади. Кўкат тўсиқ ўсимликлари табиий ҳолда қолдирилади ёки вақт-вақти билан қайчилаб, текислаб турилади. Бал. 1м гача бўлган Кўкат тўсиқ паст бўйли, майда ва сербарг, секин ўсадиган буталар (ирғай, биота ва б.)дан 1 — 3 м баландликдаги Кўкат тўсиқ ўртача ва баланд бўйли буталар, баъзи дарахтлар (дўлана, учқат ва б.) дан, 3 м. дан баланд Кўкат тўсиқлар эса алоҳида ўсадиган дарахт ва буталар (бук, қорақарағай, терак, арча ва б.)дан барпо этилади.