КОДАЙ (Kodaly) Золтан (1882.16.12, Кечкемет — 1967.6.3, Будапешт) — венгер композитори, мусиқий фольклоршунос, педагог, мусиқа жамоат арбоби; замонавий венгер композиторлик мактаби асосчиларидан. Венгрия ФА акад. (1945), президенти (1946—49), Венгрия мусиқа арбоблари уюшмаси президенти (1949 й. дан), ЮНЕСКО қошидаги Халқ мусиқаси халқаро кенгаши (IFMC, 1963 й. дан) ҳамда Мусиқий тарбия халқаро жамияти (ISME, 1964 й. дан) президенти. Будапешт мусиқа академиясида проф. (1908—40). 1905—25 й. лари Венгрия қишлоқларига экспедициялар уюштириб, 3500 га яқин венгер халқ қўшиқ ва рақс куйлари (шу жумладан, қад. деҳқон фольклори ҳамда шаҳар қўшиқлари)ни ёзиб олган. Халқ мусиқаси тўпламлари, уларга доир тадқиқотлар нашр эттирган. Ижодида миллий куйлар ва усулларни замонавий мусиқа ифода воситалари б-н узвий боғлаган. «Хари Янош» операси (1926), «Венгер псаломи» кантатаси (1923), симфоник, хор, камер мусиқа асарлари, мактаб ўқувчилари учун қайта ишланган халқ қўшиклари ҳамда ашула дарсликлари муаллифи. Кошут номидаги Венгрия Давлат мукофоти совриндори (1948, 1952, 1957). Камер ва симфоник асарлари, қайта ишланган халқ қўшиқлари Ўзбекистонда ҳам ижро этилади.