КОД (франц. code, лот. codex — қонунлар мажмуи) — 1) турли ахборотларни ифодаловчи шартли белгилар (тимсоллар) тизими. Код белгиларининг бирор маънони англатган тугал кетмакетлиги сўз дейилади. Код сўзларида фойдаланиладиган турли тимсоллар сони унинг а с о с и дейилади. Кодни ёзма тарзда ифодалаш учун кўпгина рақамлар, сонлар (мас, 0; 1,…57; 927 ва б.), махсус белгилар [мас, «—» (тире), «.» (нуқта) ва уларнинг «омихта»лари] ишлатилади (қ. Морзе алифбоси, Телеграф коди);
2) рақамли ҳисоблаш машиналари (РҲМ) да программалар (дастурлар) тайёрлаш учун қўлланиладиган шартли белгилар тизими. РҲМ да кўпинча иккилик позицион Код ва уларга келтириладиган Код қўлланилади. РҲМ да арифметик амалларни бажаришда алгоритмларни соддалаштириш учун тўғри, тескари, қўшимча К. лардан фойдаланилади. Тўғри Код, одатда, сонларни РҲМ нинг хотира қурилмасида сақлашда, тескари ва қўшимча Кодлар эса сонлар устида арифметик ва б. амалларни бажаришда ишлатилади;
3) телемеханикад а — маълумотларни алоқа канали орқали узатиш учун мўлжалланган сигналлар тизими; бунда радио халақитларга турғунликни таъминлаш учун коррецияловчи (тузатувчи) Кодлар тузилади. Коднинг айрим элементларини ифодалаш ва узатиш учун амплитудаси, частотаси, фазаси ва б. аломатлари турлича бўлган сигналлар қўлланилади; 4)астрономияда — кометалар, янги ва ўрта янги юлдузлар кашф қилинганлиги, сайёраларда ноёб ҳодисалар кўзатилганлиги ва б. ҳақида расадхоналар ва астрономик телеграммалар халқаро марказий бюроси орасида ўзаро телеграф ахборотлари алмашишда қўлланиладиган сўз ва рақамлар тизими. Шакли Халқаро астрономия иттифоқи, КОСПАР (Илмий уюшмалар халқаро кенгаши) ва б. халқаро илмий ташкилотлар томонидан белгиланадиган Код ва ахборот-библиографик Коддан фойдаланилади. Сунъий космик объектларни кузатиш ст-яларининг ишини уюштириш учун махсус Код тузилади;
5) ҳарбий Код — ҳарбий мазмундаги махфий маълумотларни яширин узатиш учун қўлланиладиган шартли белгилар тизими. Шартли белгилар штаблар томонидан тузилиши ва рақамли, ҳарфли ва б. махсус белгили бўлиши мумкин. Умумий қўшин К. лари ва махсус (бир қўшин тури ёки қуролли кучлар хили, мас, авиация, ҳарбий ҳаво кучлари, артиллерия ва х. к.) Клар бўлади. Маълум қисқа вақт учун ёки жанг ва операция вақтлари учун тузилган сўзлашув қамда радиосигнал жадваллари энг ва содда ҳарбий Код хисобланади.