КОБУЛ

КОБУЛ — Афғонистоннинг пойтахти. Кобул вилоятининг маъмурий маркази. Кобул дарёси водийсида, ўртача 1820 м баландликда, Асмон ва Шердарвоза тоғлари орасидаги воҳада жойлашган. Иқлими субтропик континентал иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси Г, июлники 26°, йилига 317 мм ёғин тушади. Аҳолиси 750 минг киши (2000). Птолемей асарларида К. Кобур шаклида учрайди. Юнон-Бақтрия подшолиги, Кушон подшолиги, кейинчалик эфталийлар давлати таркибида бўлган. Эфталийлар давлати таназзулга учрагач (6-а.), К. ни буддизм динидаги маҳаллий ҳокимлар (Кобул шохлари) идора қилган. 7-а. да араблар, 9-а. да саффорийлар босиб олган. К. Сомонийлар, Ғазнавийлар, Темурийлар давлатлари тарки-бига кирган. Шаҳар 1221 й. да Чингизхон қўшинлари томонидан вайрон қилинди. 1504 й. Бобур К. ни ўзи асос солган давлатнинг пойтахтига айлан-тирди. 1738 й. Эрон шоҳи Нодиршоҳ Афшар эгаллади. Кобул 1747 й. Дурронийлар давлати таркибига қўшиб олинди. Темуршоҳ Дурроний даврида (1773—93) Кобул пойтахтга айлантирилди. Дурронийлар давлати тугатилгач (1818), К. Кобул амирлигининг маркази бўлиб қолди. 1825 й. да амир Дўстмуҳаммад афғон ерларини бир бутун қилиб бирлаштиришга харакат қилди, бу эса кейинчалик Афғонистон давлатини вужудга келишида муҳим роль ўйнади. Биринчи (1838-42) ва иккинчи (1878-80) Англия-Афғонистон урушлари даврида шаҳарнинг кўп қисми бузилди. Собиқ шўролар қўшинининг 1979 й. дек. да Афғонистонга тажовўзкорона бостириб кириши ва 1992 й. да бошланган ички фуқаролар уруши даврида Кобул жиддий зарар кўрди. Шаҳарни 1996—2002 й. ларда мутаассиб «толибон» ички мухолифат кучлари эгаллаб турди. Улардан озод қилиш учун олиб борилган аксилтеррор ҳарбий ҳаракатлар туфайли Кобулда яна вайронагарчиликлар бўлди.

Кобул — мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази. Автомобиль йўллари тугуни. Багром ҳарбий аэродроми, халқаро аэропорт бор. Автомобиль йўллари орқали Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ўзбекистон ва б. давлатлар билан боғланган. Афғонистоннинг экспорт ва импорт молларининг асосий қисми Кобул орқали ўтади. Кобул ва унинг атрофида тўқимачилик (ип газлама к-ти, жун ва ипак газламалар, трикотаж ф-калари), озиқ-овқат, ҳарбий, ёғочсозлик, машиналарни таъмирлаш ва металл буюмлар тайёрлаш корхоналари, гугурт, кўн пойабзал, гилам тўқиш ф-калари, лак-бўёқ, чинни, қурилиш материаллари з-длари, иссиқлик электр ст-яси, шаҳар яқинида ГЭС бор. Майда ҳунармандчилик корхонаси кўп. Кобул — қоракўл тери билан савдо қилинадиган марказ.

Кобулда ФА, Тарих жамияти, бир неча олий ўқув юрти, жумладан, ун-т, босмахона, театр, Кобул тарих-этнография музейи, жамоат кутубхонаси ишлаб турибди. Кобул икки қисмдан иборат: эски шаҳар ва янги шаҳар. Янги шаҳар қисмида кўплаб замонавий бинолар қурилган. Шаҳарнинг кўҳна қисми Кобул дарёсининг жан. соҳилида. Меъморий ёдгорликларидан Боло-Ҳисор қалъаси, Боғи Бобур, Темуршоҳ мақбараси, Чиҳил Сутун боғи ва саройи, Муҳаммад Нодиршоҳ мақбараси (20-а.) ва б. сақланган.