КОБАЛЬТИН, кобальт ялтироғи — сульфидлар синфига оид минерал, кимёвий формуласи: CoAsS (Co — 35,4%, As – 45,3%, S – 19,3%). Ni, Fe аралашмалари ҳам мавжуд. Куб системада кристалланади. Ранги оқ, пушти донадор агрегат ва кристаллардан иборат. Металлсимон ялтироқ. Қаттиклиги 5,5; зичлиги 6,2 г/ см3. Мўрт. Электрни яхши ўтказади. Гидротермал, контакт-метасоматик конлар темир рудали скарнлар ва гидротермал томирларда учрайди. Оксидланиш зонасида эритринга айланади. Кобальтин кобальт олинадиган асосий хом ашё ҳисобланади. Ўзбекистонда Чақилкалон тоғларида учрайди, шунингдек, Оқтепа конида ҳам бор.