КОАУИЛА

КОАУИЛА — Мексикадаги штат, Мексика тоғлигининг шим. қисмида, АҚШ билан чегарадош. Майд. 151,6 минг км2. Аҳолиси 2,3 млн. киши (2000). Маъмурий маркази — Сальтильо. Йирик шаҳарлари: Торреон, Монклова, Пьедрас-Неграс. Рельефининг аксари қисми чўл ландшафтли тоғлик, шарқида — сертепа текислик. Шарқий Сьерра-Мадре тоғлари Коауилани Мексика қўлтиғидан ажратиб туради. Иқлими субтропик қуруқ иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси 12—16°, июлники 24—29°. Шим. дан совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши натижасида баъзан т-ра —10° гача пасаяди. Йиллик ўртача ёғин 200—400 мм.

Коауила — муҳим металлургия ва суғорма деҳқончилик р-ни. Сабинас дарёси ҳавзаси мамлакатнинг асосий тошкўмир олинадиган р-ни. Кокс-кимё, қора ва рангли металлургия, озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё, цемент, қ. х. машинасозлиги корхоналари бор. Асосий экинлари — пахта, буғдой. Экстенсив чорвачилик ривожланган. Коауила орқали марказий штатларни АҚШ билан боғловчи муҳим магистрал йўллар ўтган.