КОАГУЛЯЦИЯ

КОАГУЛЯЦИЯ (лот. coagulum — қуйқа, coagulatio — ивиш, қуюқланиш) — дисперс, айниқса, коллоид системаларда заррачаларнинг ўзаро бирлашиб йириклашган агрегатлар ҳосил қилиши. Коагуляция охиригача борса, лойқа ҳосил бўлиб, агрегатлар чўкади ёки юқори қатлам ҳосил қилади. Коллоид система тиниклашади. Айрим ҳолда Коагуляция натижасида ғовак фазавий бутун система бўйича тарқалган коагуляцион (гель) структура ҳосил қилади. Коагуляция натижасида системанинг ранги ўзгаради ёки у лойқаланади. Коагуляцияга адсорбцион кучлар (минимумга интилиш) сабаб бўлади. Электростатик кучлар (бир хил зарядланган заррачаларнинг бирбиридан итарилиши) эса унга қаршилик қилади. Коагуляция дисперс системанинг термодинамик беқарорлигини намойиш этишидир. Коагуляция 2 босқичда содир бўлади:

1) агрегатив барқарорликнинг йўқолиши ва заррачаларнинг бирлашиши (я ш и р и н К.); 2) ҳосил бўлган заррачалар агрегатларининг чўкиши (ёки қалқиб юзага чиқиши) — о ч и қ К. Агар Коагуляция ўз-ўзидан содир бўлса, автокоагуляция дейилади. Одатда, Коагуляция физик ёки кимёвий таъсир натижасида рўй беради: электролитлар ва ноэлектролитлар электр майдони, ҳарорат, ёруғлик, юқори частотали электромагнит тебранишлари, кескин силжитиш ёки аралаштириш, дисперс муҳитнинг ўзгариши ва б. К. га сабаб бўлиши мумкин. Электролитлар таъсирида Коагуляция содир бўлиши борасида бир нечта қоидалар мавжуд;

1) электролитнинг Коагуляцияга сабаб бўладиган минимал концентрацияси — К. чегараси. У лойқаланишнинг чўкма ҳосил бўлиши ёки ранг ўзгаришининг бошланиши билан аниқланади;

2) коллоид заррача зарядига қарама-қарши заряд сақловчи электролит иони Коагуляцияга сабаб бўлиши мумкин; заряди қанча юқори бўлса, унинг коагуляцион қобилияти шунча кўп бўлади (Шульце — Гарди қонуни);

3) органик ионларда уларнинг адсорбцияланиш қобилияти ортиши билан Коагуляция ҳодисаси кучаяди.

Коагуляция ҳодисаси табиатда ва турмушда кенг тарқалган. Тупроқ заррачаларининг катта-кичиклиги, оқар сувларнинг тиниқ ёки лойқа бўлиши ҳам Коагуляцияга боғлиқ. Коагуляция озиқ-овқат, доришунослик, кимё, локбўёқ саноатида кенг қўлланилади. Коагуляция табиатда ҳам кенг тарқалган, мас, қоннинг ивиши, оқсиллар К. си ва б.