КЛОАКА (лот. cloaka — ахлат чиқариш найи) — умуртқали ҳайвонлар тўғри ичагининг ташқарига очиладиган кенгайган қисми. Тўгаракоғизлилар (миксинлар, миногалар личинкаси), балиқлар (акулалар, скатлар, икки хил нафас олувчилар), барча сувда ва қуруқликда яшовчилар, судралиб юрувчилар, қушлар ва клоакали сут эмизувчиларда Клоака бўлади. Кўпчилик сут эмизувчи хайвонларда Клоака бўлиниб, сийдик — жинсий синусни ва тўғри ичакнинг охирги қисмини ҳосил қилади. Клоакага сийдик йўли, жинсий йўл, баъзан сийдик пуфаги очилади. Клоака бир қанча умуртқасизлар (ҳашаротлар, тўгарак чувалчангларнинг эркаги, оғиз айлангичлилар)да бўлади.