КЛИМАКС

КЛИМАКС (юн. klimakter — зинапоя) , климактерия даври — жинсий фаолиятнинг сусайиб, кексая бориш даврига ўтиш палласи. Аёлларда хам, эркақларда ҳам кузатилади. Климакснинг юзага келиши жинсий безлар фаолиятининг сусайиши б-н бирга организмда вақтинча рўй берадиган ўзгаришларга асосланган. Климаксда аёлларнинг ҳайз кўриши ўзгаради; гипоталамус — гипофиз — тухумдонларда функционал ўзгаришлар вужудга келади. Ҳайз қони тўхтаб-тўхтаб келади, баъзан кўп ва узоқ кетиб, ниҳоят бутунлай тўхтайди (менопауза). Юрак-томир ва нерв системасининг функцияси бўзилади: бошига қон кўп келиб, юзи қизаради, бадани аввал қизиб, кейин жунжийди ва совуқ тер босади, ҳаллослайди, қулоғи шанғиллайди; аёл салга қўзғалувчан ёки маъюс бўлади, хотираси пасаяди, сабабсиз бетоқат бўлади, боши оғрийди, уйқуси бўзилади ва ҳ. к. Баъзан юраги ўйнайди, юрак соҳасида оғриқ сезилади. Климаксда пайдо бўладиган аломатлар организмнинг умумий ҳолатига боглиқ. Кўпчилик аёлларда сезиларсиз ўтиши, бу уларнинг умумий аҳволига таъсир этмаслиги ҳам мумкин. Климакс даври оғирроқ кечганида қалқонсимон без фаолияти (юрак ўйнаши, қўл қалтираши) ва моддалар алмашинувининг бузилиши (аёл семириб ёки жуда озиб кетади), руҳий изтироб, хаяжонланиш, невроз, психопатия ва б. хрлатлар кузатилади.

Климакс, одатда, 45—50 ёшларда бошланади, у одатдагидан эртароқ (40 ёшгача — эрта Климакс) ёки кечроқ (55 дан кейин — кечиккан Климакс) рўй бериши ҳам мумкин. Бу меҳнат, турмуш тарзи, иқлим шароити ҳамда ирсий хусусиятларга, шунингдек, аёлнинг етуклик даври қандай ўтганлигига (аборт, туғиш, жинсий ҳаёти ва б.) боғлиқ. Климакс даврини ўтказаётган аёл баъзан бўйида бўлиб туғиши ҳам мумкин. Эркақларда Климакс бир қадар кечроқ — 60 ёшларда кузатилади; нейро-гуморал ўзгаришлар, юрак соҳасида оғриқ, хотира ва иш қобилиятининг пасайиши, уйқусизлик ва б. нохуш аломатлар пайдо бўлади. Климакс, эркак ё аёл организмида кечишидан қатъи назар, унга хос дастлабки аломатлар пайдо бўлиши билан врачга учрашиш ва тегишли маслаҳатлар олиш зарур. Д а в о с и : меҳнат ва дам олишни тўғри йўлга қўйиш, мириқиб ухлаш, сув муолажалари, бадан тарбия; дори-дармонлар — гормонлар, витаминлар ва б. буюрилади.