КЛЕЁНКА

КЛЕЁНКА (рус.) — нам ўтказмайдиган модда қопланган махсус мато. Қоплама материалига қараб, мойли (ўсимлик мойларидан тайёрланган қопламали), латекли (концентрланган синтетик латексдан тайёрланган қопламали) ва поливинилхлоридли Клеёнкалар бўлади. Клеёнкада хом сурп, саржа, виктория, диагональ, бельтинг ва б. газламалардан фойдаланилади. Мойли Клеёнка тайёрлашда, олиф қайнатилади ва унинг асосида каолинли (каолиннинг сувдаги суспензияси эмульгатор ва олифдан иборат) ҳамда бўёқли (пигментдан иборат) грунтлар тайёрланади. Сўнгра бу грунтлар олдиндан тозаланган ва дазмолланган матога бир неча қатламда суркалиб, каландрдан ўтказилади ва ҳар қайси қатлам қуритилади. Кейин керакли расмлар чизилиб локланади. Латекс К. тайёрлашда латекс грунтлар тайёрланади, матога тайёрланган грунтлар билан 4—6 марта ишлов берилади; бунда ҳар қайси ишлов беришда мато қуритиб олинади. Босма бўёқ, берилади, локланади, босма гул солинади ва вулканизацияланади. Поливинилхлоридли Клеёнка поливинилхлориднинг эмульсияли ва суспензияли турларидан ишлаб чиқарилади. Бундай тайёрланган қоришма мато сиртига суркалиб термик ишлов бериб олинади. Клеёнка техника, тиббиёт, уй-рўзғор, маиший корхоналар, матбаа ва б. кўп соҳаларда ишлатилади.