КЛЕНЦЕ

КЛЕНЦЕ (Klenze) Лео фон (1784.29.2, Шладен, ҳоз. Қуйи Саксония, Германия — 1864.27.1, Мюнхен) — немис меъмори. Сўнгги классицизм намояндаси. Германия, Франция, Италияда уқиган. Жером Бонапарт (Касселда, 1808—13) ва Бовария қироли Людвиг I (Мюнхенда, 1815 й. дан) саройларида меъморлик қилган. Кленценинг Мюнхен (1816 й. дан) ва Афина (1839—51)даги шаҳарсозлик ишлари тантанаворлиги, мустаҳкамлиги ҳамда классик услуби б-н ажралиб туради. Ўзининг ҳайбатли ва ҳашаматли қурилишларида (Мюнхендаги Глиптотека, 1816—30 ва Эски пинакотека, 1826—36; Санкт-Петербургдаги Янги эрмитаж, 1839—52) кад. юнон меъморлигидан кенг фойдаланган.