КЛАРК, элементлар кларки — муайян табиий система (Ер пўсти, гидросфера, атмосфера, биосфера, умуман, Ерда ёки самовий жисмлар) таркибида кимёвий элементларнинг ўртача миқдорини билдирувчи сон. К. масса бирлигида (%, г/т ва ҳ. к.) ва атомлар % ёки %п сида ифодаланади. Ер пўстини ташкил қилган турли тоғ жинсларининг кимёвий таркибига қараб уларни 16 км чуқурликка қадар тарқалганлигини ҳисобга олган ҳолда маълумотларни умумлаштириш биринчи марта америкалик олим Ф. У. Кларк (1847—1931) томонидан бажарилган (1889). Ер пўсти таркибидаги кимёвий элементларнинг Кларк аниқлаган фоиз микдорини кейинчалик рус олими А. Е. Ферсман янада такомиллаштириб, уни Кларк сонлари ёки кларк деб аташни таклиф қилди. Ер пўстида, унинг ҳоз. замон тушунчаси бўйича сайёранинг Мохоровичич чегараси (Мохоровичич юзаси)дан юқори қисми сифатидаги қатламида элементларнинг ўртача микдори рус олими А. П. Виноградов (1962), америка олими С. Р. Тейлор (1964), немис олими К. Г. Ведеполь (1967) томонидан ҳисоблаб чиқилган. Элементлар кларкидан фойдали казилма конларида, тоғ жинсларида ёки регионларда кимёвий элементлар концентрациясининг кўп ёки камлигини қиёслашда эталон сифатида фойдаланилади. Баъзида Кларк термини элементларнинг конларда ёки алоҳида массив (ҳудуд)лардаги ўртача микдори сифатида нотўғри талқин этилади.