КИЗЕРИТ

КИЗЕРИТ [нем. олими Д. Г. Кизер (1779—1856) номидан] — сульфатлар синфига мансуб минерал, кимёвий таркиби — Mg [So4] H2O; таркибида 29% MgO бор. Моноклин сингонияда кристалланади. Ранги кулранг, оқ, баъзан сарғимтир, ярқироқлиги шишасимон (кристаллар учун) ва хира (майда доначали кизеритнинг зич массалари учун). Қаттиқлиги 3—3,5 га яқин, зичлиги 2570 кг/м3. Мўрт. Сувда секин эрийди, кукун хрлатида сув билан намланса гипс каби қотади. Нам ҳавода парда билан қопланади. Кизерит — денгиз эва-поритларига хос минерал. Калий сульфатли шўр конларда ва шўрхокларда кенг тарқалган. Магнийни ишлаб чиқиш ва тез қотувчи цементларни тайёрлашда фойдаланилади. Ўзбекистондаги барча калий тузли конлар ва Шўрсув олтингугурт конида мавжуд.