КИЙИКПАНЖА

КИЙИКПАНЖА (Astragalus alopecius) — дуккакдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт. Бўйи 80 см. Пояси майин туклар билан қопланган. Барглари мураккаб, ҳар бир баргда 10—28 жуфт япроқча бор. Гули сариқ, барг қўлтиғидан чиққан тўпгули шингилсимон ўрнашган. Дуккаги 2 хонали, думалоқ, қалин туклар билан қопланган. Май ойида гуллайди, дуккаги июнь охирида пишади. Кийикпанжа Ўрта Осиё тоғ этакларида кўп. Қуритилган поя ва баргларидан тайёрланган талқон халқ табобатида турли хил жароҳатларни даволашда ишлатилади.