КИТОБ БОСИШ

КИТОБ БОСИШ — бўёқни босма формадан қоғозга ўтказиб, китоб, журнал, газета ва б. босма маҳсулотлари тайёрланадиган и. ч. жараёнлари. «Китоб босиш» ибораси босма китоб тайёрлаш тарихи қақида фикр юритилганда ишлатилади, замонавий Китоб босишда эса полиграфия термини анча кенг тарқалган. Китоб босишнинг ўтмишдоши ксилографик босма бўлиб, унда босиладиган бутун бир бет ёзув тахтага ўйиб қўйиларди. 11-а. дан бошлаб Хитойда китобни қўлда кўчиришдан босиш усулига ўтилган. Бироқ, бу усул кенг ривожланмади. Фақат тахм. 400 й. ўтгандан сўнг Европада ҳарф териш шрифти ихтиро қилинди. Ўша даврда бир вақтнинг ўзида бир неча мамлакатлар — Германия, Нидерландия, Италия, Францияда бир-биридан мустасно бир неча усталар битта муаммо — босма машина яратиш устида иш олиб боришган. Ҳоз. вақтда тарихчилар бу муаммони биринчи марта германиялик Иоганн Гутенберг (1399 — 1468) ҳал қилганлигини айтишади. Металл шрифтларни матрицаларга қуйиш қурилмаси ихтиро қилингандан сўнг Европанинг кўпгина шаҳарларида китоб босиб чиқарила бошланди. 1464 й. да Римда биринчи Китоб босиш станоги ўрнатилди. 1470 й. ларга келиб Франция, Нидерландия, Швейцария, Испания ва Англияда китоблар босиб чиқарила бошланди, Венеция, Нюрнберг К. б. ишлари бўйича йирик марказга айланди. 1500 й. ларга келиб Европанинг 250 шаҳрида босмахона бўлган. Босмахона ишларининг ривожланиши туфайли китоб умумий сиёсий ҳаётда ва маданиятнинг ривожланишида муҳим роль ўйнади. 1600 й. ларда биринчи газета, 1650 й. ларда биринчи варақа босилиб чикди. Китоб босишнинг кейинги ривожланишига литоғрафия (тошбосма) (1798) ва текис босма машинаси (1811) нинг ихтиро қилиниши сабаб бўлди. 19-а. ўрталари — 20-а. бошларида Китоб босиш корхоналарида линотип, кейинроқ ротацион, офсет босма машиналар ишлатила бошланди.

Ўзбекистонда босма усул и билан Китоб босиш 19-а. 2-ярмидан кенг тарқалди. Туркистон ҳарбий округи штабида (1868), Хивада (1874) босмахоналар ташкил этилгандан сўнг Туркистонда биринчи босма китоблар чоп этила бошланди. 1870 й. да «Туркестанские ведомости» ва «Туркистон вилоятининг газетаси», 19-а. сўнгги йилларида «Средняя Азия», «Среднеазиатский вестник» жур. лари, 1906 й. да «Тараққий» газ., 1913 й. ларда «Ойина» жур., 1914 й. ларда «Садои Туркистон», «Садои Фаргона» газ. лари чоп этилди. Бўлардан ташқари, «На-жот», «Турк эли», «Турон», «Улуг Туркистон», «Ҳуррият» газ. лари, «Юрт», «Чаён» жур. лари чика бошлаган. Босмахоналарда газ. ва жур. лардан ташқари кўпгина китоблар рус ва ўзбек тилларида босилиб чиқа бошлади (яна қ. Босмахона, Полиграфия саноати).