КИТОБ БАЛАНДТОҒ РАСАДХОНАЛАР МАЖМУАСИ

КИТОБ БАЛАНДТОҒ РАСАДХОНАЛАР МАЖМУАСИ (КБРМ) – Ўзбекистон ФА Астрономия институтининг кузатув базаси; Қашқадарё вилояти Китоб туман и якинида жойлашган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 11 фев. фармонига биноан ташкил этилган. Дастлаб у 3 бўлим: Майданак баландтоғ расадхонаси (МБР), Китоб кенглик ст-яси (ККС) ва Экспедиция базалари мажмуасидан (ЭБМ) иборат эди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ушбу базалар миллийлаштирилиб, Ўзбекистон ФА тармогига бириктирилди. МБР мажмуанинг бош илмий бўлими ҳисобланади. МБР Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Майданак тоғида (денгиз сатҳидан 2600 м баландликда) жойлашган. Майданак тоғи жаҳонда энг Кулай астрофизик кузатув жойларидан бири деб тан олинган. МБР да Халқаро ва Республиканинг илмий дастурлари доирасида гравитацион линзалар, юлдуз тўдалари, стационар ҳамда ўзгарувчан юлдузлар, юлдузлараро муҳит, сайёралар ва б. космик объектларнинг астрофизик кузатувлари олиб борилади (қ. Майданак баландтоғ расадхонаси). ККС Қашқадарё вилояти Китоб ш. чеккасида жойлашган, 1939 й. дан бери фаолият юритиб келаяпти. Охирги йилларда унинг хизмат доираси Ер қобиғидаги тектоник силжишларга ҳам қаратилди. ЭБМ нинг асосий вазифаси — МБРнинг моддий-техник , автотранспорт таъминоти ва б. хўжалик ишларидан иборат.