КИТ МЎЙЛОВИ — мўйловли (тишсиз) китлар юқори жағидаги шох пластинкалар; сони 130 тадан (кулранг кит) 400 тагача (йўл-йўл китлар), оғиз чети бўйлаб жойлашган. Ҳар бир пластинка учбурчак шаклда; унинг кенг томони оғиз бўшлиғига ўгирилган; кичик томони милкка чуқур ботиб кирган. Пластинкаларнинг оғиз бўшлиғига ўгирилган қирралари ўзун ва ингичка шох найчалардан иборат. Найчалар бир-бири билан туташиб, ғалвирга ўхшаш аппаратни ҳосил қилади. Кит сув билан оғзига кирган ҳайвонлардан сувни шу найчалар орқали сиздириб ўтказиб кейин озиқланади.