КИСТАҚУМ ТОҒЛАРИ — Сурхондарё вилоятида, Боботоғ тизмасининг жан. давоми бўлган Досманағи тоғларининг жан. да, ўнга кўндаланг йўналган. Ўз. 8—10 км, жан.-ғарбдан шим.-шарққа чўзилган. Энг баланд жойи 463 м. Асосан, неоген ва қуйи тўртламчи даврнинг қумтош ва конгломератларидан ташкил топган. Кистақум тоғлари рельефи унчалик кескин қиёфага эга эмас, кенг тўлқинсимон баландликлар хос, уларнинг катта қисми эол қумлари билан банд. Оч бўз тупроқлар чўл қум тупроклари билан алмашиниб келади. Қўнғирбош, илоқ, шувоқ қабилар ўсади. Яйловларнинг маҳсулдорлиги гектарига ўртача 1—2, баъзан 3—4 ц.